“ЎЗАВТОСАНОАТ” АЖ МАҲСУЛОТЛАРИ – “ТУРКМАН САҲРОСИ 2019” ХАЛҚАРО КЎРГАЗМАСИДА
11 август Туркманбоши шаҳри (Туркманистон)да Биринчи Каспий иқтисодий форуми доирасида “Туркман саҳроси 2019” автомобилсозлик соҳасидаги инновацион технологиялар ва ютуқлар халқаро кўргазмаси очилди, у ерда “Ўзавтосаноат” АЖ маҳсулоти ҳам тақдим этилди.
Кўргазманинг асосий мақсади Туркманистонга автомобилсозлик, авто бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш соҳасидаги инновацион ечимларни жалб қилиш ва автомобилларни ишлаб чиқариш ҳамда уларга хизмат кўрсатишнинг тўлиқ занжирини яратишдан иборат.
UzAuto экспозицияларида турли компаниялар маҳсулотларининг кенг номенклатураси тақдим этилди. UzAuto Motors, JV MAN Auto-Uzbekistan, UzAutoTRAILER ва Самарқанд автомобиль заводи компаниялари модель қаторлари билан бирга, кўргазмада Тошкент ш.даги Турин политехника университети мутахассислари ва талабаларининг иннонвацион ишланмалари ҳам намойиш қилинди. Жумладан, лаборатория ўрнатилган электробус, водородда ва биоёқилғида юрувчи автомобиль, шунингдек замонавий роботлар тақдим этилди.
Ўзбек-туркман муносабатлари ва стратегик шерикликнинг изчил мустаҳкамланиб бораётганлигини ҳамда мамлакатлар ўртасида кўп соҳали ҳамкорликнинг, аввало савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда кенгаяётганлигини қайд этиш зарур.
Ҳар йил бу каби кўргазмалар кўп сонли автомобилсозлик, жиҳозлар ишлаб чиқариш мутахассисларини жалб қилади ва амалий мулоқот, янги танишлар орттириш ва сермаҳсул музокаралар ўтказиш учун майдон бўлади.UzAuto компаниялар гуруҳининг қатнашиши – бу энг янги ютуқларни намойиш этиш ва нафақат Туркманистон, балки хорижий бозорларда ҳам ўзини кўрсатишнинг ноёб имкониятидир.“Туркман саҳроси-2019” расмий тадбири доирасида, шунингдек, ишлаб чиқарувчиларнинг бевосита мутахассислар билан мулоқоти учун халқаро форум ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.
Кўргазма 12 августгача давом этади.