
Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетига Ўзбекистон Республикаси ва Япония ОТМлари ректорлари учинчи саммити иштирокчилари келдилар. Япониянинг энг нуфузли университаларидан бўлмиш Нагойя университети ва Токай университети вакиллари университет ректори Ўктам Саломов билан учрашдилар ва таълим ҳамда илмий тадқиқот соҳасидаги келгуси ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Жумладан, қўшма конференциялар, симпозиумлар ва семинарлар ташкил этиш, талабалар алмашинуви дастурларини тузиш ва қўшма тадқиқот лабораторияларини яратиш борасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш тўғрисида келишувга эришилди.
Шунингдек, ташриф доирасида университетда мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари ва илмий марказларда фаолият юритувчи физиклар ва тиббиётчилар иштирокида илмий семинар ўтказилди. Семинар япон ва ўзбек олимларига ўз тажрибалари ва ғоялари билан ўртоқлашиш имконини берди. Семинара Токай университети физика факультети халқаро муносабатлар бўлими бош директори Шигеру Ямагучи маъруза қилди.