
Ўзбекистон автомобилсозлиги тизимида юқори малакали кадрларни тайёрлаш сиёсатини мустаҳкамлаш мақсадида, жорий йил 25 июлдан 28 июлга қадар Бошқарув раиси раҳбарлигидаги “Ўзавтосаноат” АЖ вакиллари Турин политехника университети (Италия)га ташриф буюрдилар.
Ушбу ташриф доирасида университет раҳбарияти билан қатор музокаралар ўтказилди, улар давомида Италия университетининг Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети билан ҳамкорлигини чуқурлаштириш масалалари муҳокама этилди.
Музокаралар якунига кўра, Англашув меморандуми имзоланди, унинг доирасида таълим, илм-фан ва тармоқлар ишлаб чиқариш жараёнларининг интеграцияси дастури, шунингдек ўқув дастурлари оптимизацияси амалга оширилади. Жумладан, “Автомобиль инжиниринги” йўналиши бўйича бакалавриат ва магистратуранинг янги йўналишлари очилиши масаласи ҳал этилди.
Қайд этиш жоизки, Турин политехника университети ўзининг Тошкентдаги филиалини ўз тармоғидаги бутун дунёдан талабаларни жалб қилишга муносиб, рақобатбардош бўлинмалардан бири сифатида кўради. Ҳозирда ТТПУда Италиядан 47 нафар профессор дарс беради.
Турин политехника университети – Politecnico di Torino – Италиядаги энг қадимий техник институтлардан бири бўлиб, Турин шаҳрида 1859 йилда таъсис этилган. Бугунги кунда Турин политехника университети юқори тоифали муҳандислар ва архитекторлар етиштирувчи маскан сифатида танилган ва дунёнинг топ-100 ОТМлари сирасига киради.