“ЎЗАВТОСАНОАТ”ДА АФҒОНИСТОН БИЛАН АВТОМОБИЛСОЗЛИК СОҲАСИДАГИ ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

 

        23 январь куни “Ўзавтосаноат” АЖ биносида Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг катта маслаҳатчиси Хумоюн Қаюмий бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Афғонистон Президентининг МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар, Афғонистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сайид Шаҳобуддин Тимурий, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ташқи савдо фаолиятини, экспорт салоҳиятини, машинасозлик, автомобиль, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш саноатини ва енгил саноатни ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси раҳбари Нодир Отажонов, Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев ҳамда “Ўзавтосаноат” АЖ Бошқаруви раиси Умиджон Салимов билан иккитомонлама ҳамкорлик масалалари бўйича фикр алмашилди.
Учрашув чоғида Афғонистон Республикаси билан мамлакатимизнинг ҳамкорлик алоқалари кундан кунга ривожланиб бораётгани ҳамда Афғонистонда Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган GM Uzbekistan, SamAuto ҳамда JV MAN Auto Uzbekistan автомобилларига қизиқиш юқорилиги қайд этилди ҳамда мазкур корхона маҳсулотларини тез фурсатларда Қобулдаги Ўзбекистон савдо уйида кўриш истаги билдирилди.
Томонлар “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни Афғонистонда харид қилиш, сотувдан кейин хизмат кўрсатиш, кадрлар малакасини ошириш масалалари бўйича муҳокама олиб боришди.
Меҳмонлар ҳукуматимиз раҳбариятига йўлга қўйилаётган ҳамкорлик учун минатдорчилик билдиришди.