Daily Archives: 26.01.2017
GM Uzbekistan автомобилларни онлайн сотиш тизимини яратади
2017 йилнинг 23 январь куни Тошкент шаҳрида GM Uzbekistan, UZINFOCOM, Инха Университети, Тошкент Ахборот Технологиялари Университети ва Турин политехника университети орасида автомобилларни сотиш ва сотувдан кейин хизмат кўрсатиш жараёнида ахборот ва коммуникация хизматларидан кенг фойдаланиш ҳақида меморандум имзоланди. Бу ҳақда компания расмий сайтида хабар берилган.
Маълумотларга кўра, бундай ҳамкорлик компания таклиф қилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ва мавжуд бўлган муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Хусусан, бўлажак лойиҳада харидорлар яқин масофада жойлашган автомобил дилерларини топиш ва ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришлари мумкин. Шунингдек лойиҳада кейинчалик автомобилларни онлайн тарзда сотиш ҳам кўзда тутилган.
Лойиҳанинг яна бир жиҳати – ўзбекистонлик автомобиль ишлаб чиқарувчиси ва аҳоли орасида алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Ушбу лойиҳа аҳолига GM Uzbekistan томонидан амалга тадбиқ қилинаётган янгилик ва ўзгаришлар ҳақида хабар қилиб боради.
Ушбу ишларни амалга ошириш учун юқорида айтиб ўтилган олий таълим муассасалар талабалари малака оширишга таклиф қилинади. Амалиёт якунида энг муносиб талабалар GM Uzbekistan компаниясига ишга таклиф қилинади.
Шошилинг: «GM Uzbekistan»га савол ва таклифи борлар учун ажойиб имконият тақдим этилди
«GM Uzbekistan» компанияси 2017 йилнинг 25 январидан мижозларга хизмат кўрсатиш ва маҳсулот сифатини яхшилаш бўйича тавсияларни ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни олиш мақсадида сўровнома ўтказишни бошлади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил Ўзбекистонда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди. Ўзбекистон раҳбарияти томонидан аҳоли ҳамда тадбиркорлар дуч келаётган мавжуд муаммоларни ҳал этиш вазифаси қўйилди.
Сўровнома 2017 йилнинг 3 февралига қадар давом этади. Сўровнома даврида келган барча таклиф ва тавсияларни таҳлил қилиб чиққандан сўнг, «GM Uzbekistan» компанияси ўз фаолиятини такомиллаштириш бўйича дастур қабул қилиши режалаштирилган. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати даражасида қарор қабул қилиниши керак бўлган масалалар кўриб чиқилиши учун мамлакат раҳбариятига юборилади.
«GM Uzbekistan» компанияси барчани мазкур сўровномада фаол иштирок этишга ҳамда мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш борасидаги таклифларни қуйидаги ҳаволалар орқали киритишларини сўрайди:
ўзбек тилида:
https://docs.google.com/forms/d/e/1FAIpQLSd2JxLTKNMDHDlRkud2oLRVBE6rIvrfCOH7yzx9gunhKhO2MQ/viewform
рус тилида:
https://docs.google.com/forms/d/e/1FAIpQLSdPT2z1e7kYLZoIdeX4CZWewmun-wbcBgzScV-pdANYqN458A/viewform.












